Таниқли актёр Жейми Фокс нафақат экранда, балки ҳаётда ҳам қаҳрамон бўлиб чиқди, деб ёзади «ТАСС».
Калифорния штати патруль-пост хизмати хабарига кўра, 18 январь, душанба куни актёрнинг уйи қаршисида йўл-транспорт ҳодисаси юз берди: Toyota Tacoma йўл четидаги ариққа қараб отилиб кетди, машина бир неча марта думалаб, сўнг ёниб кетди.
Фокс ва воқеанинг яна бир неча гувоҳи ўз вақтида ёрдамга етиб келди, улар ойнани синдириб, хавфсизлик камарини узди ва 32 ёшли Бретт Кайлни машинадан чиқариб олди.
Машинада ундан бошқа одам бўлмаган, йигитни куйиш жароҳатлари билан касалхонага етказишган.
Жейми Фокс «Озод этилган Жанго» (Django Unchained), «Қонунга риоя қилувчи фуқаро» (Law Abiding Citizen), «Авлиё Валентин куни» (Valentine’s Day), «Оқ уйга ҳужум» (White House Down) фильмларидаги роллари билан танилган. 2004 йилда у «Рей» (Ray) картинасидаги роли учун «Оскар» мукофотини қўлга киритган.
Изоҳ (0)