Россиялик таниқли блогерлардан бири Илья Варламов 17 январь, якшанба (бозор) куни оддий москваликлар сингари бозорга бориб, мева-сабзавот сотиб олди ва бозордаги нарх-наво ҳақида ўз блогида ахборот берди.
«Шафтолидек ширин, чой билан ҳам ичса бўладиган ўзбек помидорларининг бир килограмми — 550 рубл (қарийб 21,5 минг сўм), Ўзбекистондан олиб келинган лимонларнинг бир донаси эса 80 рубл (тахминан 3,1 минг сўм)», — деб ёзади блогер.
Варламовнинг қайд этишича, бозордаги мева-сабзавотлар сифати билан йирик супермаркетлар тармоғидаги шундай маҳсулотларни таққослаб бўлмайди. Унинг сўзларига кўра, супермаркетда ҳаммаси бир хил кўринишга эга ва бир неча ойлаб сақлаб турса бўладиган мева-сабзавот сотилади.
«Бундай мева-сабзавотни табиий йўл билан етиштириб бўлмайди. Шу сабабли ҳам дўконлардан кўриниши чиройли, лекин бемаза сабзавотларни сотиб оласиз. Бозорларга эса ҳаммаси, кўп йиллар аввалгидек, машиналарда, поездларда, мураккаб логистика дастурларисиз олиб келинади. Сабзавотга қўшиб, ёқимли бонус сифатида, ‘Тошкент ҳақиқати’ни ҳам оласиз», — деб ёзади блогер.
Изоҳ (0)