Кеча, 13 январь куни бўлиб ўтган Ўзбекистон ва Жанубий Корея олимпия терма жамоалари ўртасидаги ўйиндан кейин Осиёнинг 2015 йилдаги энг яхши ёш футболчиси Достонбек Ҳамдамовга соврин топширилди. Бу ҳақда «Stadion.uz» хабар бермоқда.
ОФК вице-президенти ва мусобақаларни ўтказиш қўмитаси бошлиғи Сауд ал-Муҳаннадий матбуот анжуманида ўзбекистонлик футболчига совринни топширди.
«Осиё футболи ўз иқтидорини халқаро мусобақаларда намойиш қилган футболчиларни доимо рағбатлантириб келади. Достонбек Ҳамдамов 2015 йилда ўзининг юқори савиясини кўрсата олди. Ишончим комил, бундан кейинги қитъа ва жаҳондаги мусобақаларда футболчи янада яхшироқ ўйин намойиш қила олади», — деди Муҳаннадий.
Достонбек 2015 йилда Янги Зеландияда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида иштирок этиб, терма жамоа билан биргаликда чорак финалгача етиб борди ҳамда 3 та гол билан мусобақа тўпурарлари орасида 3-ўринни олди. Ҳамдамов 2015 йил 29 ноябрда Осиёнинг энг яхшиларини тақдирлаш маросимида қитъанинг энг яхши ёш футболчиси деб топилганди.
Эслатиб ўтамиз, U-23 Осиё чемпионатининг 1-турида Ўзбекистон Жанубий Кореяга 1:2 ҳисобида ютқазиб қўйди. Ўзбекистон сафидан ягона голни айнан Достонбек Ҳамдамов киритди.
Изоҳ (0)