Оренбург—Орск трассасини қор босганлиги учун машинасида бир сутка қолиб кетган оренбурглик Павел Гусев президент Путин, Оренбург вилояти губернатори Юрий Берг ва маҳаллий фавқулодда хизмат раҳбари Пётр Ивановга видеомурожаат йўллади. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Мазкур видеомурожаатда Гусев ўзи каби қор қамалида қолиб кетган ҳайдовчиларга узоқ вақт мобайнида ёрдам етиб келмагани сабабларини текшириб кўришни сўраган. «Биз қаерга қўнғироқ қилиш имконияти бўлса, боғланиб кўрдик. Бизга ‘кутинглар, техника йўлга чиққан’, дея жавоб беришарди. Охир-оқибат аслини олиб қараганда ҳеч ким ёрдамга келмади ҳам. Шу туфайли кўпчиликни совуқ урди», — дея маълум қилган Гусев.
Оренбург — Орск трассасини йил бошида қор босди. Расмий манбаларга кўра, трассада қолиб кетган одамларни қутқаришда 150 киши иштирок этган ва 55 та махсус техникадан фойдаланилган. Трассадан жами 84 киши эвакуация қилинган, 12 киши касалхонага ётқизилган. Норасмий манбаларга кўра, бир киши нобуд бўлган.
Изоҳ (0)