Хитойнинг олий қонунчилик органи — Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши (БХVK) доимий қўмитаси 27 декабрь, якшанба куни террорчиликка қарши кураш бўйича янги қонун қабул қилди. Бу ҳақда «Ведомости» хабар бермоқда.
Reuters агентлигининг қайд этишича, қабул қилинган ҳужжат ахборот технологиялари соҳасида фаолият олиб бораётган компанияларга махфий маълумотларни, хусусан, шифрланган калитларни ҳукумат сўровига асосан тақдим этиш мажбуриятини юклайди, шунингдек, Хитой ҳарбийларига мамлакатдан ташқарида аксилтеррор операцияларини ўтказиш ваколатини беради.
Хитой расмийларининг таъкидлашича, мамлакат айниқса Шинжон-Уйғур мухтор туманида жангарилар ва айирмачиларнинг ўсиб бораётган таҳдидига дуч келмоқда — сўнгги бир неча йилдан бери ушбу ҳудудда кузатилган хунрезликлар оқибатида бир неча юз киши ҳалок бўлди.
Парламентнинг қонунчилик қўмитасининг криминал ҳуқуқ бўйича кичик қўмитаси раиси Ли Шоувей Хитой Ғарб мамлакатлари қилиб бўлган ишни такрорлаётганини, яъни, технологик компаниялардан террорчиликка қарши курашда ёрдам сўраётганини қайд этиб ўтди.
Изоҳ (0)