Якунига етган мавсумни «Локомотив» таркибида ўтказган иқтидорли ярим ҳимоячи Сардор Мирзаев ижара асосида Дубайнинг «Ал Шааб» клубига ўтадиган бўлди. Бу ҳақда «Локомотив» ФК матбуот хизматига таяниб, «Stadion.uz» хабар бермоқда.
Сардор янги жамоаси билан олти ойлик шартнома имзолади. Бу йил Мирзаев кўп ҳам ўйин амалиётига эга бўлмади. Хусусан, у олий лигада атиги ўнта ўйинда майдонга тушди.
Натижада клуб раҳбарияти Мирзаевнинг «Ал Шааб» клубига ижара асосида ўтишига розилик берди. «Ал Шааб» БАА чемпионатида ҳозирча охирги ўринда бормоқда. Бу жамоа 13 та ўйинда икки очко тўплаган.
«Локомотив» футбол клубига оид яна бир янгилик шуки, бир муддат «темирйўлчилар» сафида кўрикда бўлган ганалик ҳужумчи Жилберт Кумсонг ортга қайтиб кетди. У машғулотларда ёмон иштирок этмади, бироқ тиббий кўрикдан ўта олмади. Натижада клуб африкалик ҳужумчи билан шартнома имзоламади.
Олдинроқ «Локомотив»нинг бошқа бир ярим ҳимоячиси Лутфулла Тўраев Малайзия клуби билан шартнома тузгани хабар қилинганди.
Изоҳ (0)