Сурия ҳукумати Женевада мухолифат билан музокара ўтказишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда Сурия ташқи ишлар вазири Волид Муаллимга таяниб, «Корреспондент.net» хабар бермоқда.
Унинг сўзларига кўра, мухолифатдагилар ўз вакилларининг рўйхатини кўрсатиши билан Дамашқ ўз делегацияси таркибини тақдим этади.
Сурия бўйича музокаралар 2016 йилнинг январь ойида Женевада БМТ иштирокида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Сурия ҳукумати эса воситачиларсиз музокара ўтказишни истамоқда.
«Биз Женевадаги диалогда иштирок этишга тайёрмиз ва у бошқаларнинг аралашувисиз ўтиши тарафдоримиз», — деди Муаллим.
Эслатиб ўтамиз, 18 декабрда БМТ Хавфсизлик Кенгаши Сурия бўйича резолюцияни қабул қилди. Ҳужжатга кўра, ярим йил ичида янги Конституцияни қабул қилиш режаси аниқлаб олиниши, бир ярим йилдан кейин эса БМТ назорати остида сайловлар ўтказилиши талаб этилади.
Изоҳ (0)