Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати тўртинчи ялпи мажлисининг 3 декабрь куни бўлиб ўтган биринчи иш кунида сенаторлар Давлат бюджетини, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларини ҳамда 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини кўриб чиқди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Бюджет-солиқ сиёсатининг асосий йўналишлари, шунингдек, келгуси йилнинг асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ялпи ички маҳсулотни 7,8 фоизга оширишни назарда тутади. Шунингдек, 2016 йилда иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари фаол инвестиция сиёсатини юритиш ҳисобига ҳам таъминланиши кутилмоқда.
Жумладан, 2016 йилда барча капитал қўйилмалар ҳажмини 9,6 фоизга оширишни таъминлаш назарда тутилмоқда, шунингдек, иқтисодиётнинг устувор тармоқларини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан жами 4,5 триллион сўм ёки ялпи ички маҳсулотнинг 2,1 фоизи ажратилиши мўлжалланмоқда.
«Аҳоли даромадлари зиммасига тушадиган солиқ юкини камайтириш мақсадида солиқ солишнинг иккинчи поғонаси бўйича жисмоний шахслар даромадидан олинадиган солиқ ставкасини 8,5 фоиздан 7,5 фоизгача пасайтириш назарда тутилмоқда, бу эса аҳоли даромадларини 235 миллиард сўмга кўпайтириш имконини беради», — дейилади ЎзА хабарида.
2016 йилда хизматлар соҳасидаги микрофирмалар ва кичик корхоналар учун ягона солиқ тўлови ставкаси 6 фоиздан 5 фоизга пасайтирилиши мазкур соҳанинг ялпи ички маҳсулотдаги улушини 54,5 фоиздан 55,5 фоизга кўпайтириш имконини беради.
Давлат бюджетининг ижтимоий харажатлари 59,2 фоизни ташкил қилмоқда. Бюджет параметрларида олий ўқув юртларини мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш, умумтаълим мактаблари ва мактабгача тарбия муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлашга сарфланадиган харажатларни ошириш назарда тутилмоқда.
Сенаторлар Давлат бюджетини, давлат мақсадли жамғармаларининг бюджетларини ҳамда 2016 йилга мўлжалланган солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишларини тасдиқлади.
Шундан сўнг «Солиқ ва бюджет сиёсатининг 2016 йилга мўлжалланган асосий йўналишлари қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Солиқ кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун кўриб чиқилди ва сенаторлар томонидан маъқулланди.
Изоҳ (0)