Қозоғистон Жаҳон савдо ташкилотининг тўла ҳуқуқли аъзосига айланмоқда, бироқ республика учун оғир синовлар даври бошланмоқда. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев халққа мурожаатида айтиб ўтди, деб ёзади «ТАСС».
«Бугун, 30 ноябрь куни Қозоғистон де-юре (қонуний асосда) ЖСТнинг тўла ҳуқуқли аъзосига айланади. Бу ҳақда ЖСТ Бош Ассамблеяси мажлисида расман эълон қилинади», — деди Назарбоев.
Шу билан бирга, Назарбоев айни пайтда «янги рисклар янги имкониятлар билан уйғунлашадиган кескин ва оғир давр келаётгани»ни ҳам таъкидлади.
«Етакчи мамлакатлар қарама-қаршилиги, бир-бирига санкциялар киритиш бутун дунёни боши берк кўчага етакламоқда, — дея қайд этди у. — Қозоғистоннинг асосий экспорт маҳсулотининг жаҳон бозоридаги қиймати бир неча марта пасайди».
Остона ЖСТга аъзо бўлиш ҳақидаги аризани 1996 йил 29 январда берган эди. 10 июнь куни мамлакатнинг ташкилотга қўшилиш шартлари ҳақидаги музокаралар якунланди. Қозоғистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ҳужжатлар пакети лойиҳаси ташкилот ишчи гуруҳига расман тасдиқлаш учун 22 июнь куни топширилган эди.
Изоҳ (0)