Америка Қўшма Штатларининг Хьюстон шаҳрида оғир атлетика бўйича катталар ўртасида ўтказилган жаҳон чемпионати якунига етди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Дунёнинг 98 давлати вакиллари иштирокида бўлиб ўтган мазкур жаҳон чемпионатида жаҳоннинг бугунги кундаги энг кучли штангачилари аниқланиши билан бирга, 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари ҳам ўйналди.
Спортнинг ушбу турида Олимпиада ўйинларининг йўлланмалари сўнгги икки жаҳон чемпионатида терма жамоаларнинг қайд этган натижаларига кўра тақсимланади.
Жумладан, умумжамоа ҳисобида 1—6-ўринни эгаллаган терма жамоаларга 6 тадан, 7—12-ўринларни банд этган термаларга 5 тадан, 13—18-ўринларга сазовор бўлганларга 4 тадан ва ниҳоят 19—24-ўринни эгаллаган терма жамоаларга 3 тадан йўлланма берилади.
2014 йили Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида ҳамда жорий йил Хьюстон шаҳри (АҚШ)да бўлиб ўтган жаҳон чемпионатларининг якунига кўра 8-ўринни эгаллаган Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси Рио—2016 ўйинларига бир йўла 5 та йўлланмани қўлга киритди.
Океан ортида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси муваффақиятига Иван Ефремов (-105 кг, даст кўтаришда 192 кг натижа билан олтин медаль), Сардорбек Дўстмуродов (-105 кг, силтаб кўтаришда 228 кг натижа билан бронза медаль), Улуғбек Алимов (-85 кг), Муҳаммад Бегалиев (-85 кг), Рустам Джангабаев (+105 кг), Адҳамжон Эргашев (-62 кг) ва Фарҳодбек Собиров (-94 кг) муносиб ҳисса қўшди.
Изоҳ (0)