Ҳиндистон жанубидаги Тамилнаду штатида юз берган сув тошқини натижасида 150 дан зиёд киши ҳалок бўлди, 60 мингга яқин киши мол-мулк ва бошпанасидан айрилиб, хавфсиз жойларга эвакуация қилинди. Бу ҳақда штат полициясига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Тошқинга бир ҳафтадан буён тўхтамай ёғаётган жала сабаб бўлди, у дарё сатҳининг кўтарилишига олиб келди. Штат маъмурий маркази бўлган Ченнай шаҳри, шунингдек, бошқа қатор округлар штат ҳукумати томонидан табиий офат зонаси деб эълон қилинди.
У ерга аҳолига шошилинч ёрдам бериш учун 16 та қутқарув жамоаси йўналтирилди, кўнгиллилар тошқин натижасида қамалда қолган туманларга озиқ-овқат ва ичимлик суви етказиб бермоқда.
Штат ҳукумати аҳоли ва жабрланган туманларга кўмак сифатида 500 миллиард рупия (7,6 миллиард доллар) ажратилганини эълон қилди.
Изоҳ (0)