iPhone фойдаланувчиси Apple компаниясини судга бериб, ундан бир неча миллион долларлик товон пули талаб қилди, дея хабар бермоқда «Hi-tech.mail.ru».
АҚШнинг Аризона штатида яшовчи Вильям Б. Коттрелл аризасида ёзишича, iOS 9 операцион тизимида мобил трафик чиқими сезиларли даражада кўпайган. Бунга янги «Wi-Fi ёрдам» функцияси сабаб бўлган. Ушбу функция iPhone Wi-Fi интернети тезлиги етарли эмас, деб ҳисобласа, 3G ёки 4G’га автоматик равишда ўтиши учун мўлжалланган.
У 3G ёки 4G’га ўтиш ноаниқлигини таъкидлади. Шунингдек, у компания мобил трафик сарфланиши натижасида юзага келадиган харажат қанчалик катта бўлиши ҳақида атайлаб фойдаланувчиларни хабардор қилмаслигини айтмоқда. Шу туфайли у 5 миллион доллар товон пули талаб қилди.
Эслатиб ўтамиз, агар мобил интернетингиз чексиз бўлмаса, ушбу функцияни ўчириб қўйиш тавсия этилади. Акс ҳолда каттагина харажат келиб чиқади. Бунда гап Wi-Fi Assist («Wi-Fi ёрдам») функцияси ҳақида бормоқда, у iPhone 6/6s/5/5s’да ёниқ ҳолда бўлади.
Ҳисобингиздаги пул катта тезлик билан сарф бўлиб кетишининг олдини олиш учун телефон созламаларига кириб, «Уяли алоқа» бандини танланг. У ерда «Wi-Fi ёрдам» функциясини топиб, уни ўчиринг.
Изоҳ (0)