Венесуэла президенти Николас Мадуронинг Нью-Йоркнинг Манхэттен тумани судида АҚШга наркотикларни контрабанда қилиш мақсадида тил бириктиришда айбланган икки қариндоши ўз айбини тан олмоқчи эмас. Бу ҳақда уларнинг адвокатларига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
Уларнинг айтишича, на 30 ёшли Франки Франциско Флорес-де-Фрейтас, на 29 ёшли Эфраин Антонио Кампо-Флорес тергов билан келишиб, айбларини тан олиш ниятида эмас. Улар 18 ноябрь куни бўлиб ўтадиган келаси суд мажлисида ҳам шу фикрида қолади.
Суд уларни гаров пули эвазига озод этиш ҳуқуқисиз ҳибсда сақлаш ҳақида қарор қабул қилди.
Бунда гап Венесуэла етакчисининг рафиқаси — Силия Флореснинг жиянлари ҳақида бормоқда. Айблов хулосасида айтилишича, улар октябрда Венесуэла ҳудудида учрашиб, АҚШга Гондурас орқали наркотиклар партиясини етказиб бериш режасини муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, Венесуэла президенти Николас Мадуронинг рафиқаси Силия Флореснинг қариндошлари наркотиклар савдосида гумон қилиниб, қўлга олинди ва 10 ноябрь, сешанба куни АҚШга келтирилди.
Изоҳ (0)