АҚШнинг Калифорния штати Маунтин-Вью шаҳрида полициячилар Google ҳайдовчисиз машинасини жуда секин ҳаракатланаётгани учун тўхтатди, дея хабар бермоқда Meduza.
Автомобиль соатига 35 миль (тахминан 56 километр)гача тезликда ҳаракатланиш мумкин бўлган йўлда соатига 24 миль (тахминан 38 километр) тезликда юрган. Трассада Google машинаси ортида бошқа автомобиллар тўпланиб қолган, у уларнинг ўтиб кетишига халал берган.
Полиция ходими автомобилни тўхтатиб, операторлар билан боғланган ва уларга машина йўл ҳаракатига тўсиқ бўлаётганини тушунтирган.
Google аниқлик киритишича, ҳайдовчисиз автомобиль прототипининг тезлиги хавфсизлик нуқтаи назаридан соатига 25 миль тезлик билан чекланган. Шунингдек, бундай машиналар 1,2 миллион миль (1,9 миллион км) йўл босишга улгурган ва бирор марта йўл қоидасини бузгани учун жаримага тортилмаган.
Изоҳ (0)