Грознийнинг «Терек» футбол жамоаси вице-президенти Ҳайдар Алхановнинг айтишича, Москванинг «Спартак» жамоаси дарвозасига тўплар киритган «Терек» футболчилари – ярим ҳимоячи Адилсон Варкен ва ҳужумчи Аблай Мбенг Чеченистон раҳбари, жамоа президенти Рамзан Қодировдан совға сифатида «Toyota» машиналари билан тақдирланди. Жамоанинг қолган ўйинчиларига мукофот пуллари берилди. Бу ҳақда «Stadion.uz» маълум қилди.
Учрашув Россия чемпионати 15-тури доирасида «Терек» майдонида бўлиб ўтди ҳамда грознийликларнинг 2:1 ҳисобидаги иродали ғалабаси билан якунланди. «Варкен ва Мбенгга «Toyota» совға қилинди. Қолган барча йигитларга уч карралик мукофот пуллари берилди. Республикамиз раҳбари шундай ҳотамтойлик қилди. У ўйиннинг ўзидан ва урилган чиройли голлардан жуда ҳам мамнун бўлди. Шунинг учун хурсандчиликда шундай совғалар қилишга қарор қилди», — дея таъкидлаган Алханов.
«Терек» мазкур ғалабаси эвазига «Спартак»ка етиб олди, бироқ қўшимча кўрсаткичлар бўйича ундан бир поғона пастроқда турибди: жамоалар 23 очко билан 5 ва 6-ўринларни эгалламоқда.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Аблай Мбенг Рамзан Қодиров совға қилган автомобилни сотиб, пулини Африкага хайрия тариқасида жўнатишга қарор қилгани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)