Сурияда ҳалок бўлган россиялик ҳарбий хизматчи — Вадим Костенконинг ота-онаси такроран тиббий экспертиза ўтказилишини сўраб, полицияга ариза билан мурожаат қилди. Бу ҳақда Meduza хабар бермоқда.
Костенконинг жасади дафн этиш учун 27 октябрь куни унинг оиласи истиқомат қиладиган Краснодар ўлкасидаги Гречаная Балка қишлоғига олиб келинган.
«Марҳумнинг бурни, бош суяги, бўйни синган, гардани мажақланган ва тиззалари шилинган. Айни вақтда, мазкур ўлим ҳолати бўйича тайёрланган расмий хулосада марҳум асфиксиядан вафот этгани ёзилган», — дея хабар бермоқда «Новая газета».
Суриядаги Вадим Костенконинг ўлими ҳақида биринчи бўлиб блогер Руслан Левиев маълум қилганди. Шундан сўнг, ҳарбий хизматчининг вафот этгани ҳақидаги ахборотни унинг қариндошларидан бири «РБК» порталига тасдиқлади. Охири Костенконинг ўлими юзасидан Россия Мудофаа вазирлиги баёнот бериб, ҳарбий хизматчи ўз жонига қасд қилганини маълум қилди.
Ҳалок бўлган ҳарбий хизматчининг ота-онаси ўз жонига қасд қилиш ҳақидаги талқинга ишонмаяпти. Ҳарбий хизматчининг ўлими юзасидан текширув ишларини олиб бораётган Бош ҳарбий прокуратура ўз жонига суиқасд ҳақидаги версия, хусусан, суд-тиббий экспертизаси орқали тасдиқланганини маълум қилмоқда. Россия Мудофаа вазирлиги расмий вакили Игорь Конашенковнинг сўзларига кўра, Костенконинг ўлими ҳақида суициддан бошқа барча талқинлар бўҳтондир.
Изоҳ (0)