Euronews телеканали ижодкорлари Марғилон шаҳри ва Риштон туманларида бўлиб, бу масканларнинг мафтункорлигини акс эттирувчи кўрсатувни тасвирга олди, деб хабар беради «Telegraf.uz».
Euronews телеканалида Ўзбекистоннинг бой тарихий ва маданий мероси, туризм инфратузилмаси ҳақида ҳикоя қилувчи Uzbekistan Life мавзусида туркум кўрсатувлар намойиш этилмоқда.
«Ўзбектуризм» миллий компаниясининг маълум қилишича, айни кунларда Euronews телеканали ижодкорлари Ўзбекистоннинг кўп асрлик тарихий марказлари – Самарқанд, Хива, Шаҳрисабз, Марғилон каби шаҳарлар ҳақида лавҳалар тайёрлаш учун Ўзбекистонга келган.
Ижодкорлар Марғилон шаҳридаги «Ёдгорлик» корхонасида, Риштон туманидаги уста-кулол Рустамжон Усмонов устахонасида бўлиб, у ердаги жараёнларни тасвирга туширди. Марғилоннинг тарихий мероси ва сайёҳлик салоҳияти, урф-одат ва анъаналари ҳақидаги сюжетлар тайёрлади.
Маълумот учун. Uzbekistan Life телекўрсатувлари Euronews платформасида ташкил этилган Ўзбекистоннинг туризм имкониятлари ҳақидаги кенгҳажмли ахборот компаниясининг бир қисмидир.
Uzbekistan Life бу − Ўзбекистоннинг тарихий шаҳарлари мафтункорлигини акс эттирувчи видеолавҳалар туркуми бўлиб, уларни Euronewsнинг тахминан 300 миллионлик томошабинлари дунёнинг 150 мамлакатида кўради.
Uzbekistan Life туркумини Euronews телеканали 14 та тилда намойиш қилади: араб, инглиз, француз, немис, итальян, испан, турк, португал, форс, поляк, юнон, венгер, рус ва украин тиллари шулар жумласидандир.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Euronews телеканалида Самарқанд ҳақида видеорепортаж эфирга узатила бошлагани хабар берилганди.
Изоҳ (0)