Ўзбекистонда сайёҳлик компанияларининг меҳмонхоналар билан ҳамкорлик қилиши учун мўлжалланган янги онлайн платформа ишга тушди. Бу ҳақда UzDaily хабар бермоқда.
«Ўзбектуризм» хабарига кўра, мазкур тизим сайёҳлик ва меҳмонхона бизнесидаги йирик мутахассислар кўмагида тўлиқ маҳаллий дастурчилар томонидан ишлаб чиқилган.
Дастурчилар битта тўлиқ онлайн режимга кўчирилган платформада 100 га яқин меҳмонхона ва ўнлаб сайёҳлик операторларини бирлаштириш, ўзаро муносабатлар жараёнини имкон қадар соддалаштиришнинг уддасидан чиқди.
Ушбу тизим туроператорга «ягона ойна» орқали саноқли дақиқаларда меҳмонхоналардаги бўш хоналарни излаб топиш ва бир лаҳзада тасдиқ жавобини олиб, уларни брон қилиш имконини беради.
Бундан ташқари, сайёҳлик компанияларига аэропортда кутиб олиш ва кузатиш, CIP-зал ва Green Hall хизматларини олдиндан буюртма қилиш, шунингдек, Ўзбекистонда илк бор чет эллик сайёҳлар учун электрон суғурта полислари кўчирмаларини чиқариш хизматлари йўлга қўйилган.
Платформанинг маҳаллий компаниялар эҳтиёжлари учун тўлиқ мослаштирилгани, ҳисоб-китоблар фақат пул ўтказиш йўли билан ҳамда миллий валютада амалга оширилиши унинг асосий устунликлари ҳисобланади.
Изоҳ (0)