«Тошшаҳартрансхизмат» акциядорлик компанияси Чилонзор туманида истиқомат қилувчи фуқаронинг компания сайти орқали 12 октябрда йўллаган мурожаатидан сўнг Навоий кўчасидаги автобус бекатларига ҳаракат жадвалининг кўрсаткичларини жойлаштирди. Бу ҳақда мурожаат муаллифи Facebook’даги «Жамоатчилик назорати» («Обшчественний контроль») гуруҳида маълум қилган.
15 октябрь санаси билан келган жавоб хатида қайд этилишича, компания фуқаронинг мурожаати учун миннатдорчилик билдириб, «Навоий кўчасидаги оралиқ бекатлар учун йўловчи ташиш транспортининг ҳаракат жадвали акс этган ахборот кўрсаткичлари тайёрланиб, жойлаштириш учун JCDecaux UZ компаниясига тақдим этилгани, тез орада бекатларга стикерлар жойлаштирилишини» билдирган.
Мурожаат муаллифи 18 октябрь куни Facebook’да қолдирган хабарига «Алишер Навоий музейи», «Ўрда майдони», «Санъат саройи», «Марказий телеграф» бекатларидан олинган фотосуратларни илова қилган, уларнинг барчасида автобусларнинг ҳаракат жадвали ва йўналишлари акс этган кўрсаткичлар жойлаштирилган.
«Ва ниҳоят, натижа кўринди», — деб ёзади мурожаат муаллифи.
Изоҳ (0)