«Gm-uzbekistan.com» номи остида GM Uzbekistan ишлаб чиқарган автомобиллар ҳақида маълумот берувчи сайтнинг аслида GM Uzbekistan ва «Ўзавтосаноат»га алоқаси йўқ. Бу ҳақда «Ўзавтосаноат» АК ахборот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
«Gm-uzbekistan.com» сайти 2016 йилдан бошлаб Spark, Captiva ва Malibu автомобилларини ишлаб чиқариш тўхтатилиши, уларнинг ўрнини Sonic, Tracker ва Impala моделлари эгаллаши ҳақида хабар берди. Шундан сўнг Ўзбекистоннинг турли ОАВлари ушбу сайтга таянган ҳолда нотўғри маълумотни тарқатишни бошлади.
Аммо «Ўзавтосаноат» ахборот хизмати юқоридаги маълумотларни рад этди ва «Gm-uzbekistan.com» сайтининг GM Uzbekistan’га ҳам, «Ўзавтосаноат»га ҳам дахли йўқ эканлигини маълум қилди. Бу каби ишончсиз хабарлар компания имижига зарар келтиришдан ташқари, истеъмолчиларни чалғитаётгани ҳам таъкидланди.
Компания ўз корхоналари фаолияти тўғрисидаги барча аниқ ва тўғри маълумотларни «Ўзавтосаноат» АКнинг ахборот хизмати ёки расмий сайтлар www.uzavtosanoat.uz ва www.chevrolet.uz орқали олиш мумкинлигини яна бир марта эслатиб ўтди.
«Ўзавтосаноат» АКнинг ахборот хизматининг телефон рақамлари: 267-74-84, 267-74-85.
Изоҳ (0)