Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедов «Футбол шарҳи» кўрсатуви меҳмони бўлди. «Arena.uz» сайти футболчининг кўрсатув давомида билдирган фикрларининг қисқартирилган варианти билан таништирди, деб ёзади «Stadion.uz».
Одил Аҳмедов ЖЧ—2018 саралашидаги Баҳрайнга (4:0) қарши ўйиндаги ғалабада миллий терма жамоа бош мураббийи Самвел Бабаяннинг ҳиссаси катта бўлганини таъкидлади.
«Танаффусда мураббий Баҳрайнни тўпсиз қолдиришимиз лозимлигини уқтирди. Иккинчи бўлимда мураббийнинг кўрсатмаларини аниқ бажардик. Қолаверса, бир неча кун Баҳрайн иштирокидаги ўйинларни томоша қилиб, рақибнинг кучсиз тарафларини яхши ўргангандик. Ўзи араб жамоаларига қарши ўйинларда ё биринчи гол уришингиз ёки тўп назоратини ўз қўлингизга олишингиз ғалабанинг асосий омили бўлади. Бу ғалабада мураббийнинг ҳиссаси катта!
КХДР ўз уйида Филиппин билан дуранг ўйнашини нафақат мен, балки бошқалар ҳам кутмаган бўлиши аниқ. Энди буёғи ўз қўлимизда. Ноябрда Тошкентда корейсларга қарши учрашув олти очколик бўлади. Биз майдонга фақат ғалаба учун тушамиз», — деди Аҳмедов.
Изоҳ (0)