Қозоғистоннинг Туркистон шаҳрида бир эркак ака-укалари, хотини ва қизини ўлдирди. Бу ҳақда, Жанубий Қозоғистон вилояти ички ишлар департаменти матбуот хизматига асосланиб, Tengrinews хабар бермоқда.
Хабар беришларича, куни кеча 30 ёшли эркак бир неча кишини ўлдирган. «Рашк сабаб у травматик тўппончадан ўз аёли ва яқин қариндошлари — икки ака-укаси ва 2010 йилда туғилган қизини отиб ташлаган, сўнг ўз жонига қасд қилишга уринган», — дейилади полиция хабарида.
Қайд этишларича, унинг 1963 йилда туғилган онаси ва 2009 йилда туғилган ўғли, шунингдек, гумонланувчининг ўзи шаҳар касалхонасининг реанимация бўлимида оғир аҳволда ётибди.
Ҳодиса жойидан топилган калибри 9 миллиметр бўлган Streamer русумли травмо-тўппонча учта гилза, икки патрон, спорт гантели ва электрошокер полиция томонидан далилий ашё сифатида олинган, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланган.
Изоҳ (0)