УЕФА президенти Мишель Платини ФИФА ахлоқ қўмитаси уни лавозимидан 90 кунга четлатиш юзасидан қарор қабул қилганига муносабатини билдирди. Бу ҳақда «Чемпионат» хабар бермоқда.
«ФИФА ахлоқ қўмитаси тергов палатаси арбитраж палатасига мени 90 кунга ишдан четлатишни тавсия этиш ниятида эканлиги маълум бўлди, — дея таъкидлайди Платини. —Гарчи ҳеч кимга бўйсунмаган ҳолда, мустақил фаолият юритиши лозим бўлган ахлоқ қўмитаси ҳали бундай қарор қабул қилмаган бўлса-да, ФИФА расмий манбасидан шундай маълумот берилганини мени обрўсизлантиришга уриниш, деб биламан.
Суриштирув ишларини олиб бораётган идоралар билан ҳар қандай ҳамкорликка тайёр эканлигимни кўп такрорлаганман. Агар ФИФА ахлоқ қўмитаси тергов палатасининг мени лавозимимдан четлатиш нияти ҳақидаги маълумотлар тўғри бўлиб чиқса, то ҳақиқат юзага чиқмагунича ҳеч нарсадан қайтмайман».
Платини ФИФА президентлиги учун курашни тўхтатмаганини билдириб, мазкур лавозимга номзодини қўйиш учун лозим бўлган қўллаб-қувватлаш мактубларини топширганини маълум қилган.
Изоҳ (0)