Гватемаладаги кўчки қурбонлари сони 131 нафарга етди. 4 октябрь, якшанба куни ҳолатига кўра, айнан шунча жасад Санта-Катарина-Пинула шаҳарчасидаги уй ва ер вайроналари остидан олиб чиқилган. Бу ҳақда Марказий Америкадаги мамлакат бош прокуратураси маълумотига асосланиб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Олдинроқ ушбу табиий офат натижасида 79 киши ҳалок бўлгани айтилган эди.
Фожиа жойидаги ишлар кеч тушгани ва янги фалокат келтириб чиқариш эҳтимоли бўлган ёмғир бошлангани учун тўхтатилган. Бедарак йўқолганлар сони 300 нафарни ташкил этмоқда.
Табиий офат ўтган ҳафтанинг пайшанба куни, 1 октябрда содир бўлди. Аҳоли яшаш пункти туманларининг бирига яқин тепаликдан тупроқ ва тошлардан иборат минглаб тоннали кўчки тушди. Бузилган ва кўчки остида қолган уйлар сони 125 тага етди.
Изоҳ (0)