21 сентябрь, душанба куни Чехиянинг Влашим шаҳридаги ов қуроллари учун ўқ-дори ва патронлар ишлаб чиқарадиган Sellier&Bellot заводида порох портлаши оқибатида ҳалок бўлганлар сони уч кишига етди. Олдинроқ бир киши нобуд бўлгани айтилаётган эди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
«Пиротехниклар ишини тугатиб, завод ҳудудига киришга рухсат берганидан сўнг корхонадаги бинолардан бирида завод ишчиларидан яна икки кишининг жасади топилди», — дея хабар берди Чехия телевидениеси.
Портлашдан кейиноқ завод раҳбарияти вакиллари кейинчалик жасади топилган ишчиларни назарда тутиб, уч кишининг дараксиз йўқолгани тўғрисида хабар берган эди. Портлаш туфайли жабрланган бошқа инсонлар ҳақида ҳозирча маълумот йўқ.
Мазкур ҳодиса тафсилотларини ўрганиш давом этмоқда.
Изоҳ (0)