Москва шаҳар Твер тумани суди ходимлари қизининг устига иссиқ қаҳва тўкиб юборган McDonald’s фаст-фуд ресторани устидан шикоят қилган эркакнинг даъвосини қисман қондирди. «Газета.ru» хабарига кўра, ресторан даъвогарга етказилган маънавий зарар учун 300 минг, суд харажатларини қоплаш учун эса 20 минг рубль миқдорида жарима тўлаши керак.
Эркак ўз даъвосида McDonald’s ресторанлари тармоғидан 5 миллион рубль талаб қилган эди. Даъвогар Алексей Карелов бу пулларни хайрия жамғармаларига йўналтиришни режалаштирмоқда. «Ҳозир хотиним билан бу пулларни айнан қайси жамғармага топшириш устида бош қотиряпмиз», — деди Карелов.
Аввалроқ ҳисобчи ўйинчоқ-сувенирни узатиш вақтида москвалик Алексей Кареловнинг уч ёшли қизи устига иссиқ қаҳвани тўкиб юборгани сабаб, Карелов судга шикоят қилгани маълум бўлганди. McDonald’s вакиллари маънавий зарарни қоплаш учун жабрланувчига 100 минг рубль тўлаб беришни таклиф қилган.
Изоҳ (0)