Қозоғистон президенти матбуот котиби Даурен Абаевнинг маълум қилишича, Дариға Назарбоевани Қозоғистон бош вазири ўринбосари этиб тайинлашдан аввал чуқур таҳлиллар ўтказилган. Бу ҳақда «Nur.kz» хабар бермоқда.
«Нурсултон Абишевич кадрларни тайинлашда самарадорлик, мақсадли кўрсаткичларга эришиш, кўрсатмаларни бажариш сифати каби кўплаб омилларни ҳисобга олиб, номзоднинг фаолияти ва меҳнат кўрсаткичларини жиддий таҳлил қилиб, қарор чиқаради. Табиийки, Дариға Назарбоеванинг тайинлануви ҳам изчил таҳлил қилинган ва бу бош вазир Карим Масимовнинг таклифига кўра юз берди», — деди Назарбоевнинг матбуот котиби.
Абаевнинг қўшимча қилишича, Дариға Назарбоева дастлаб мамлакат парламентининг ижтимоий-маданий тараққиёт масалалари қўмитаси раиси, кейинчалик қуйи палата вице-спикери сифатида ўзини «самарали депутат сифатида кўрсата олди». Айни вақтда, Қозоғистон президенти матбуот котибининг ишонч билдиришича, Дариға Нурсултоновнанинг парламентдан кетиши қонунчилик органи фаолиятига салбий таъсир қилмайди.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев 11 сентябрь, жума куни ўз қизи Дариға Назарбоевани мамлакат бош вазири ўринбосари этиб тайинлаш ҳақидаги ҳужжатни имзолаган эди.
Изоҳ (0)