АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида 9 сентябрь, чоршанба куни юнон-рум кураши бўйича -85 килограмм, аёллар кураши бўйича эса -48, -53, -69 килограмм вазн тоифаларида ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлди. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Юнон-рум кураши бўйича бўлиб ўтган мусобақада ўзбекистонлик Рустам Ассакалов кумуш медаль ҳамда спортнинг ушбу турида 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида (Бразилия) ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларининг дастлабки йўлланмасини қўлга киритди.
Рустам Ассакалов аввалига амалдаги жаҳон чемпиони франциялик Мелонин Нумонвини мағлубиятга учратди. Кейин австриялик Амер Хрустановичдан устун келди. Чорак финалда эронлик полвон Хабибуллоҳ Аҳлагини, ярим финалда эса финландиялик Рами Хиетаниемини енгди. Ҳал қилувчи финал учрашувида украиналик Жан Беленюкка имкониятни бой бериб, кумуш медаль билан тақдирланди.
Изоҳ (0)