Малайзия бош вазири Нажиб Раззоқнинг истеъфосини талаб қилиб 10 мингга яқин одам Куала-Лумпур кўчаларига чиқди. Interfax хабарига кўра, норозилик намойиши икки кун давом этиши кутилмоқда.
Аввалроқ Малайзия ҳукумати нодавлат ташкилотларнинг ҳаққоний сайловлар учун курашувчи коалицияси — Bersih томонидан берилган намойиш ўтказиш таклифини рад этиб, уни ноқонуний деб топганди. Бундан ташқари, ташкилот сайти ҳукумат қарорига мувофиқ блок қилинган.
Июль ойида бош вазир Раззоққа нисбатан Малайзия ҳукумати томонидан текширув ишлари бошланган эди, бунга 1Malaysia Development Bhd (1MDB) давлат инвестиция фондидан бош вазирнинг банкдаги шахсий ҳисоб-рақамига 700 миллион доллар ўтказилгани маълум бўлгани сабаб бўлди.
Ўз навбатида, Нажиб Раззоқ уни танқид қилгани учун ўз ўринбосари Муҳиддин Ясинни истеъфога чиқариб, ўрнига Аҳмад Зоҳид Ҳамидийни тайинлади. Бундан ташқари, Раззоқ ўзига қарши қаратилган иш юзасидан далилларни тўплаётган бош прокурор Абдул Ғани Патайлани ҳам ишдан олди.
Изоҳ (0)