АҚШ биринчи бор Европада кўп нишонли F-22 Raptor қирувчи самолётларини жойлаштирди. Бу ҳақда «Сегодня.ua» хабар бермоқда.
Европа ва Африкадаги АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони генерал Фрэнк Горенкнинг маълум қилишича, «Стелс» технологияси асосида яратилган тўртта самолёт 28 август, жума куни Германия ғарбидаги Шпангдалем Америка авиабазасига келтирилган. Бешинчи авлодга мансуб ушбу қирувчилар Европадаги синов парвозларида иштирок этади ва АҚШнинг ўз иттифоқдошлари хавфсизлигини таъминлаш борасидаги мажбуриятларига содиқ эканлигини намойиш этади.
Boeing ва Lockheed Martin компаниялари томонидан яратилган F-22 Raptor АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларига 2005 йилда қабул қилиб олинган. Жанговар вазиятда илк бор 2014 йили Ироқ ва Суриядаги ИШИД эгаллаган ҳудудларга авиазарбалар беришда қўлланилган, деб ҳисобланади.
Изоҳ (0)