«Газпром» Украинанинг ерости газ омборларига газ ҳайдашни режалаштирмаяпти. «ТАСС»нинг «Газпром» раҳбари Алексей Миллерга асосланиб хабар беришича, қолган вақт давомида бу ерга 3,2 миллиард метр куб газ ҳайдаш керак.
«Ҳақиқатан ҳам, Украинанинг ерости газ омборларига газ ҳайдаш суръати ўтган йилгига нисбатан сезиларли паст эканлигини кўриб турибмиз. Ўтган йили тақсимот бошлангунига қадар, «Нафтогаз» омборларга 16,7 миллиард метр куб газ тўплаб олган эди. Ҳозирги суръат билан эса шу кўрсаткичга ҳам етиб бўлмайди», — деди Миллер.
«Бу ҳолат бизни хавотирга солмоқда, суръатни зудлик билан ошириш керак. Ерости газ омборларида етарли миқдорда газнинг бўлиши — бўлажак қишда украиналик истеъмолчиларни барқарор таъминлаш ва Европага газ транзит қилишнинг мажбурий шартидир. Бироқ бу масалалар учун тўлиқ жавобгарлик «Нафтогаз»нинг елкасида. Шундан келиб чиқиб, биз ўз газимизни Украина омборларига ҳайдамаймиз», — деди «Газпром» раҳбари.
Миллернинг қайд этишича, Украинага шартнома асосида 2015 йилнинг тўртинчи чорагида сотиладиган газ нархи учинчи чоракдагига нисбатан 35 долларга арзон бўлиши мумкин. «Газпром» раҳбарининг сўзларига кўра, Россия газини Украинага етказиб бериш учун фақат бир нарса — пул керак. «Бироқ, Украинада газ учун тўлашга пул йўқлигини кўриб турибмиз», — деди Миллер.
Изоҳ (0)