Қозоғистоннинг Олма-Ота шаҳрида 20 август, пайшанба куни эрталаб нақд валютани олиш ва сотиш операцияларини тўхтатган айирбошлаш пунктлари тушлик вақтига келиб ўз эшикларини очди, дея хабар бермоқда «Nur.kz».
Айни пайтда 1 АҚШ долларининг ўртача сотиш нархи 254 тенге, олиш нархи эса 252 тенгени ташкил этади.
Қимматбаҳо маҳсулотлар, чунончи, электрон ва маиший техника сотиладиган савдо марказларида нархлар анча кўпроқ ошган. Кўпчилик дўконларда менежерлар маҳсулотларда кўрсатилган нархларни алмаштириш билан банд. Улардан бирида нархларни 30 фоизга баландлатаётганини маълум қилишган.
Эслатиб ўтамиз, Олма-Отадаги кўпчилик автосалонларда доллар курсининг тенгега нисбатан ўзгариши туфайли автомобиллар савдоси тўхтатилди.
20 август куни эрталаб Қозоғистон ҳукуматининг тенгени эркин оқимга қўйиб юбориш қароридан сўнг республика миллий валютаси АҚШ долларига нисбатан рекорд даражадаги паст кўрсаткичга тушиб кетди.
Аввалроқ Қозоғистон ҳукумати жаҳон иқтисодиётидаги салбий ўзгаришлар туфайли, валюта коридорини бекор қилиб, эркин оқимдаги миллий валюта курсига ўтишга қарор қилган эди.
Изоҳ (0)