Эрон нефть вазири Бижан Зангане, соҳанинг Эронга нисбатан жорий этилган санкциялар бекор қилинишига тайёр туришини таъминлаш мақсадида, нефть қазиб олиш ҳажмини 500 минг баррелга ошириш ҳақида кўрсатма берди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Аввалроқ Эрон миллий нефть компанияси (ЭМНК) раҳбари Рокнуддин Жаводий «санкциялар бекор қилинмагунига қадар Эронда нефть қазиб олиш кўрсаткичи ўзгармаслигини» айтиб ўтганди. Занганенинг қазиб олиш ҳажмини ошириш ҳақидаги мактуби эса барча нефть конлари ва терминаллари раҳбарлари, шунингдек, ЭМНКга йўлланган.
2015 йил баҳорида ЭМНК сўнгги 10 йилда биринчи марта Харк оролидаги нефть экспортига мўлжалланган терминалларни синовдан ўтказганди. Терминаллар орқали кунига рекорд даражада кўп — 7 миллион баррель миқдорида нефть ортилди. Бундан ташқари, супертанкерларга хизмат кўрсатиш мақсадида терминаллар модернизация қилинган.
Санкциялар жорий этилгунига қадар Эрон кунига 2,3—2,5 миллион баррель нефть экспорт қиларди, бироқ кейинчалик бу кўрсаткич икки баробар қисқарди. Мутахассисларнинг сўзларига кўра, Эрон бир йил ичида кунлик нефть экспорти бўйича санкцияларгача бўлган даврдаги кўрсаткичга етиб олиши мумкин.
Изоҳ (0)