Хитойнинг Shanghai Salvage давлат компанияси Жанубий Кореянинг ўтган йили чўкиб кетган «Сэволь» паромини сув тубидан олиб чиқиш бўйича танловда ғолиб бўлди. Бу ҳақда Корея Республикасининг денгиз ва балиқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди, дея хабар бермоқда «ТАСС».
Вазирликда таъкидланишича, ушбу амалиёт келгуси йил июлида бошланади. 5 август, чоршанба куни имзоланиши кутилаётган шартнома қиймати 73 миллион долларни ташкил этади.
Shanghai Salvage денгиз тубидан сув сиғими 6,83 минг тонна бўлган паромни қисмларга бўлинмаган ва ёқилғиси тўкилмаган ҳолатда тортиб чиқариши лозим. Ҳалок бўлганлардан камида тўққиз кишининг жасади паромда қолиб кетганлиги тахмин қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, паром 2014 йил апрелида Инчхон портидан Чежудо оролига йўл олаётганида чўкиб кетган. Фожиа оқибатида 300 нафардан зиёд киши, асосан мактаб ўқувчилари ва талабалар ҳалок бўлди. «Сэволь» капитани Ли Чжун Сок умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.
Изоҳ (0)