Нью-Йорк дайди жониворларни тутиш хизмати томонидан қўлга туширилган аллигатор тўсатдан ўлиб қолди. Бу ҳақда The Washington Post хабар бермоқда.
24 июль, жума куни дайди жониворларни тутиш хизмати томонидан Манхеттенда кўчани кесиб ўтаётган аллигатор қўлга туширилган эди. Узунлиги бир метрга яқин бўлган судралиб юрувчи одамлардан ва машиналардан умуман қўрқмас ва кўчани кесиб ўтишга уринарди.
«Тимсоҳ анча дарғазаб эди. Афтидан, кимдир уни кўчага улоқтирган», — дея қайд этди полиция ходими Крис Морелло.
Полициячилар томонидан чақирилган жониворларни тутиш хизмати ходимлари аллигаторни вақтинча боқишга рози бўлганди. Тимсоҳни кўздан кечирган ветеринар Шон Кейси унинг аҳволи жойида эканлигини маълум қилганди.
«Узунлигидан келиб чиқиб айцак, унинг ёши тахминан бир ёки иккида. Катта эҳтимол билан, у кимнингдир уй ҳайвони бўлган, кейинроқ ё у ердан қочиб чиққан, ё қаровсиз қолдирилган», — деганди ветеринар.
25 июль, шанбага ўтар кечаси эса аллигатор кутилмаганда ўлиб қолди. Бу ҳақда дайди жониворларни тутиш хизмати матбуот котиби маълум қилди. Судралиб юрувчининг ўлими сабаблари ҳозирча маълум эмас.
Изоҳ (0)