Лондонлик Жемма Рожерс ижтимоий тармоқдаги аккаунтини тиклаш учун ўзининг ҳақиқий исми-шарифини Facebook'даги тахаллусига алмаштирди. 30 ёшли аёл чиндан ҳам расман Жеммароид фон Лаалаа бўлди, аммо бу янгилик ижтимоий тармоқ маъмуриятини аёлнинг саҳифасини очиб беришга кўндирганича йўқ, дея хабар бермоқда The Daily Telegraph.
Тиббиёт билан шуғулланадиган Рожерс 2008 йилда Facebook'да саҳифа очиб, «дўстлашиш»га таклифлардан ўзини олиб қочиш мақсадида бироз ғалатироқ ном танлайди. 2015 йил июнида эса унга Facebook'дан исми ва аккаунти ҳақиқий эканлигини тасдиқловчи ҳужжатларни юборишини сўрайди.
Саҳифаси беркитилишидан чўчиган аёл текширувчиларга тармоқдаги номи — Жеммароид фон Лаалаа туширилган сохта банк карталари суратини юборади. Facebook'да қалбакиликни пайқаб қолишади ва Рожерсга саҳифасига кириш тўхтатилади.
Нашрнинг ёзишича, фон Лаалаа ҳали ҳам саҳифасига киролмаяпти, аммо банк карталари ва ҳайдовчилик гувоҳномасини янги номга расмийлаштириб улгурди. Facebook хонимга унинг муаммоси аввалгидек ўрганилаётганини маълум қилган.
Изоҳ (0)