БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгаши Исроилни 2014 йилда Ғазо секторида амалга оширилган операциялар вақтида ҳарбий жиноятларга қўл урганликда айблади. Бу ҳақда «Echo.msk.ru» хабар бермоқда.
Исроилнинг мазкур ҳаракатларини қораловчи резолюция учун БМТ Кенгашига аъзо деярли барча мамлакатлар овоз берди. Улар орасида Европа Иттифоқига аъзо давлатлар ҳам бор.
Яҳудий давлати раҳбарияти ҳарбий жиноятларда, жумладан, Ғазо секторидаги операциялар вақтида турар-жой биноларига қасддан ҳужумлар уюштирганликда айбланмоқда.
БМТ инсон ҳуқуқлари бузилишига алоқадор шахсларни жазолашга чақирмоқда. Бундан ташқари, резолюцияда жабрланувчиларга товон пули тўланиши кераклиги ҳақида ҳам сўз боради.
Овоз беришда қатнашган Европанинг бир қатор мамлакатлари вакиллари якуний ҳужжатда Исроилдаги тинч аҳолига қарата ҲАМАС томонидан учирилган ракеталар ҳақида бирорта сўз йўқлигига эътиборни қаратди.
Кенгашдаги Исроил элчиси эса мазкур резолюцияни «Исроилга қарши қаратилган баёнот» деб атаган бўлса, Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяҳу бу ҳужжат халқаро террорчиликка қарши курашни мураккаблаштиришини айтиб ўтди.
Изоҳ (0)