Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги келинларни ўғирланиши билан боғлиқ видеороликларни кузатиб бормоқда. Бу ҳақда, ИИВ раҳбари Калмуханбет Қасимовнинг сўзларига асосланиб, Қозоғистон парламенти депутати Айгул Соловева Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.
«Вазирнинг ўзи бу видеоларни шахсан кўрганини маълум қилди. Интернетдаги бу ҳаракатлар бесамар бўлаётгани йўқ. Вазирликда бу каби видеоларни кузатиб бориш учун бир ходим масъул қилиб белгиланган», - деб ёзди депутат Facebook’даги саҳифасида.
ИИВ раҳбарининг маълум қилишича, унинг ўзи келинларнинг олиб қочилиши билан боғлиқ бешта видеони кўрган ва уларнинг баъзилари бўйича тергов ҳаракатлари бошланган, бошқалари бўйича эса жабрланувчилар даъволарини қайтариб олишган.
Сўнгги вақтларда интернетда қозоғистонлик келинларни ўғирлаш ҳолати тасвирланган видеороликлар кўпайиб кетди. Аксарият видеолар Жанубий Қозоғистон вилоятида суратга олинган. Хусусан, 10 июнь куни Facebook фойдаланувчиларидан бири қизга куч билан рўмол кийдиришаётгани тасвирланган видеони юклади. Қиз бунга тинимсиз қаршилик кўрсатиб, охири аҳволи оғирлашиб қолган.
Бундан ташқари, май ойида Чимкентда келин ўғирлаётганларнинг видеоси интернетга чиқарилганди. Унда икки эркак келинни оқ рангли машинага куч билан ўтказаётгани тасвирланган.
Изоҳ (0)