Европа комиссияси электрон китобларни етказиб бериш бўйича Amazon онлайн-дўконига нисбатан аксилмонопол тергов ишини очди. Бу ҳақда Eurointegration.com.ua хабар бермоқда.
«Хусусан, комиссия Amazon’нинг ноширлар билан имзолаган келишувларининг маълум бандларини ўрганиб чиқади. Ушбу бандлар ноширларга Amazon’нинг рақобатчилари томонидан таклиф қилинаётган нисбатан фойдали ёки муқобил таклифлар ҳақида Amazon’ни хабардор қилиш мажбуриятини юклайди», - дейилади Еврокомиссия баёнотида.
Комиссия бундай талаблар бошқа электрон китоб етказиб берувчиларнинг Amazon билан рақобатга киришишларини мураккаблаштиради, деб ҳисобламоқда. Комиссия электрон китобларни етказиб беришга ихтисослашган турли ширкатлар ўртасидаги рақобатни чеклаши мумкин бўлган ҳолатларни ўрганиб чиқади.
Агар айбловлар тасдиқланса, бундай ҳаракатлар Европа Иттифоқининг монополияга қарши қонунчилиги талаблари бузилишига сабаб бўлиши мумкинлигини билдиради – ЕИ қонунчилиги бозордаги устун мавқени суиистеъмол қилишни тақиқлайди.
Изоҳ (0)