Эрон ва «олтилик» (БМТ Хавфсизлик кенгашининг беш доимий аъзоси ва Германия) делегациялари 10 июнь куни Венада Теҳроннинг ядро дастури юзасидан музокараларнинг навбатдаги босқичини бошлайди, деб хабар бермоқда ТАСС.
Музокаралар якуний битимни ишлаб чиқишнинг охирги муддатидан уч ҳафта олдин бошланмоқда. Бироқ томонларда ҳалигача қатор масалалар, жумладан, экспертларни Эрон ҳудудидаги объектларга қўйиш, санкциялар тикланиши эҳтимоли механизми ва экспорт назоратини амалга ошириш юзасидан муҳим қарама-қаршиликлар мавжуд.
Режага биноан, дастлаб Венада экспертлар иш бошлайди. Уларнинг ишини Европа ташқи сиёсат хизмати бош котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Хелга Шмид ва Эрон ТИВ ўринбосари Аббос Арагчи мувофиқлаштиради. 12 июнь куни сиёсий директорлар даражасида тўлиқ форматдаги учрашув бўлиб ўтади.
Музокараларда муҳокама қилиниши кутилаётган энг муҳим масалаардан бири Халқаро атом энергетикаси агентлиги экспертларининг Эрон ҳудудидаги объектларига киритилиши масаласи бўлиши айтилган.
Изоҳ (0)