Германиянинг Бремен шаҳридаги DFKI Robotics инновация маркази мегаполисларда автотураргоҳлар етишмовчилиги муаммосини ҳал қиладиган EO Smart Connecting Car 2 автомобилини тақдим этди, деб хабар беради «3dnews.ru».
Икки кишилик машинанинг ҳар бир ғилдираги биттадан электр мотор билан ҳаракатланади. Литий-темир-фосфатли блок аккумуляторни озиқлантириб туради, унинг заряди 50–70 километр йўлни босиб ўтишга етади. Қайта зарядлаш эса 4 соатни олади. Максимал тезлик соатига 65 километрни ташкил қилади.
Қизиғи, EO Smart Connecting Car 2’нинг барча оёқлари айланади. Бу эса автомобилнинг диагонал йўналиш бўйича, ёнламасига ва турган жойида айланишига имкон беради.
Янги маҳсулотнинг яна бир қулайлиги – шаклини ўзгартириш имкониятидир. Махсус узатма орқали орқадаги ғилдираклар олдиндагисига яқинлашади, кузов эса кўтарилади. Натижада, ўзи шундоқ ҳам узунлиги 2,3 метрни ташкил қиладиган автомобиль яна 0,8 метрга қисқаради. Шундай кўринишда ҳам у барча манёврларни қила олиши ва шаҳарда ҳаракатланиши мумкин.
Ишлаб чиқарувчилар машинага турли камера ва қурилмалар ўрнатиб, унга автобошқарув функциясини ҳам қўшишни режалаштирмоқда. EO Smart Connecting Car 2’нинг қачон кўчаларда пайдо бўлиши ва унинг тахминий нархи ҳозирча номаълум.
https://youtu.be/gXqCciSmCzo
Изоҳ (0)