Ўзбекистонда мактаб битирувчиларининг академик лицей ва касб-ҳунар коллежларига кириш тартибига мувофиқ, ўқувчилар ҳужжатлари коллеж ва лицейлар маъмуриятига ота-оналар томонидан эмас, синф раҳбарлари томонидан етказиб берилади. Бу ҳақда «7х7» газетаси хабар бермоқда.
Шахсий ҳужжатлар умумтаълим мактаблари битирувчиларининг ўқишни давом эттиришга оид аризаларга мувофиқ равишда тайёрланади. Синф раҳбарлари битирувчиларнинг ҳужжатларини коллеж ва лицей маслаҳат марказларига топширади. Шахсий ҳужжатлар ўқувчи ёки унинг ота-онасига берилмайди. Битирувчининг ҳужжати ўқув муассасаларига мактаб вакили томонидан етказиб берилади.
Агар қайсидир коллеж ёки лицейга ўқишга кириш учун битирувчилардан белгиланган миқдордан зиёд ариза келиб тушса, мазкур ўқув даргоҳида Давлат тест маркази томонидан кириш имтиҳонлари ўтказилади. Бошқа ҳолатларда бундай имтиҳонлар ўтказилмайди. Битирувчилар ўз аризаларига биноан тегишли коллеж ёки лицейга тақсимланади. Битирувчи имтиҳондан ўтолмаса, шахсий ҳужжатларида ўқувчи хоҳишига биноан захира сифатида қайд этилган таълим даргоҳига юборилади. Ҳар қандай ҳолатда ҳам синф раҳбарлари ўз ўқувчиларининг коллеж ёки лицейга жойлашишини назорат қилиб боради.
Изоҳ (0)