Македонияда поезд муҳожирлар оломонини уриб кетиши натижасида 14 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар бермоқда.
Ҳодиса мамлакатнинг марказий қисмидаги Велес шаҳри яқинида содир бўлган. Полиция маълумотларига кўра, Сомали ва Афғонистондан келган муҳожирлар гуруҳи тор дара бўйлаб, бевосита темирйўл изидан пиёда кетаётган бўлишган, поезд машинисти эса тормозни босишга улгурмаган.
Маълумот учун, Югославия таркибидан ажралиб чиққан мамлакатлардан бири – Македониядан ноқонуний муҳожирларни Европа Иттифоқига олиб кирувчи энг катта йўналишлардан бири ўтган. Мамлакат Албания, Сербия, Греция, Болгария ва мустақиллиги тан олинмаган Косово республикаси билан чегарадош.
Албания-Македония ва Македония-Сербия чегаралари суст қўриқлангани сабаб, муҳожирлар Албания орқали Македонияга кириб келишади, Македониядан Сербияга ўтиб, у ердан Европа Иттифоқига аъзо Венгрияга киришга уринишади.
Изоҳ (0)