1. Гарамба миллий парки, Конго Demoкратик Республикаси
1930 йилларда филларни кўпайтириш дастури жорий қилинган қўриқхонада филларнинг сони ҳозирга келиб 4 фоизгача камайиб кетган. Шунингдек, бу оқ каркидонлар яшайдиган Ер юзидаги ягона жой бўлиб, улар ҳам йўқолиб кетиш арафасида турибди.
2. Глейсер миллий парки, Монтана, АҚШ
Ушбу миллий паркдаги тоғлар сўнгги музлик даврида шаклланган бўлиб, ҳозирда ёввойи табиат ихлосмандларининг севимли жойи ҳисобланади. Афсуски, 2010 йилга келиб бу ерда атиги 25 та музлик сақланиб қолган эди, шу тахлитда давом этса, 2030 йилгача барча музликлар эриб кетиши мумкин.
3. Рио-Платанонинг ноёб жониворлари, Гондурас
Тропик ёмғирли ўрмонлар ва тоғли ҳудудларни ўз ичига олган ушбу қўриқхонада улкан чумолихўр, оцелот, ягуар сингари ноёб жониворлар яшайди. Ноқонуний овчилик ва дарахт кесилиши ҳам ўсимликлар, ҳам ҳайвонлар йўқолиб кетишига раҳна солмоқда.
4. Белиз маржонқоялари
Ўта шаффоф сувлари билан машҳур бўлган дунёдаги иккинчи энг йирик маржонқоялар тизими ҳудуднинг туризм ва саноат мақсадларида ҳаддан ташқари кўп фойдаланилаётгани оқибатида хавф остида турибди.
5. Потоси, Боливия
Денгиз сатҳидан энг юқорида жойлашган шаҳарлардан бири бўлмиш Потоси жойлашган тоғ кончилик саноати туфайли емирилишга жуда мойил бўлиб қолган.
6. Мальдив ороллари
1192 та оролчадан ташкил топган ушбу мамлакат ўзининг шаффоф сувлари билан бутун дунёга машҳур. Бироқ денгиз сатҳининг кўтарилиб бориши Мальдив оролларининг тақдирини сўроқ остига қўймоқда.
7. Абу Мена харобалари, Миср
III асрда бу ерда монастирга асос солинган бўлиб, шаҳар тез орада христианларнинг зиёратгоҳига айланган. Археологлар деярли бутун шаҳарни тиклашга муваффақ бўлган, бироқ ер остида грунт сувларининг кескин кўпайиши тупроқ намланиб, шаҳар қолдиқларини вайрон қилишига олиб келиши мумкин.
8. Ўлик денгиз, Исроил
Ўлик денгизда шўрлик даражаси одатдагидан 10 баравар юқори, сатҳи эса денгиз сатҳидан 427 метр пастда жойлашган ва йилдан йилга янада пасайиб бормоқда. Бир неча асрлардан буён одамлар бу ерга минералларга бой сувда чўмилиб, турли касалликлардан халос бўлиш учун келади. Бироқ кўлнинг асосий сув манбаси бўлган Иордан дарёси атрофдаги давлатларнинг қишлоқ хўжалик эҳтиёжларига йўналтирилган ва қолган сув камайиб бормоқда.
9. Мадагаскар ёввойи табиати
Катталиги бўйича дунёда тўртинчи ўринда турувчи ушбу орол ўсимликларининг 80 фоизи бошқа ҳеч қаерда учрамайди. Бироқ инсон яшай бошлагач, Мадагаскар ўрмонларининг 90 фоизи йўқолиб кетган ва кўплаб жониворларни, жумладан 23 турдаги лемурларни хавф остида қолдирган.
10. Эверглейдс миллий парки, Флорида, АҚШ
Ушбу ботқоқ ҳудудда 800 дан ортиқ қуруқликда, сувда ҳамда сувда ва қуруқликда яшовчи жониворлар турларини, шунингдек 200 дан ортиқ археологик ёдгорликларни учратиш мумкин. Атроф-муҳит ифлосланиши ҳамда ўсимлик ва жониворларнинг кўплаб турлари йўқолиб кетаётгани туфайли бу ер ЮНЕСКОнинг «хавфли рўйхати»дан ўрин олган.
11. Соломон ороллари
Архипелаг жанубидаги ороллар қалин ўрмонлар билан қопланган бўлиб, у ерда ўсимлик ва ҳайвонларнинг кўплаб турларини учратиш мумкин. Бироқ дарахтларнинг ҳаддан ортиқ кесилиши ва атроф-муҳит ифлосланиши экотизим бузилишига олиб келмоқда.
Изоҳ (0)