Япония Грузияни расман «Жоржия» (инглизча – Georgia) деб аташни бошлади. Бу ҳақда Newskaz.ru хабар бермоқда.
«22 апрелдан эътиборан, Япония Грузиянинг япон тилидаги номини «Гуружиа»дан «Жожиа» (Georgia)га расман ўзгартирди. Ушбу қарор Грузия ҳукумати талабига мувофиқ қабул қилинди», - дея Япония элчихонаси баёнотидан иқтибос келтирмоқда «РИА Новости».
2009 йили Японияга ташрифи вақтида Грузиянинг ўша вақтдаги ташқи ишлар вазири Григола Вашадзе «Грузия» номи рус тилидан олинганини айтиб, Япония томонидан мамлакат номининг инглиз тилидаги варианти – «Жоржия»дан фойдаланишни сўраганди.
Ўшанда Япония Грузиянинг аввалги расмий номини ўзгартиришдан бош тортганди, чунки расмий Токио бу вазиятда АҚШнинг Жоржия штати билан чалкашлик юзага келиши мумкинлигидан хавотир олганди.
Бироқ 2014 йилга келиб масала яна кун тартибидан ўрин олди, чунки ҳозирги вақтда БМТга аъзо 193 мамлакатдан 173таси Грузияни расман Жоржия деб атамоқда.
Изоҳ (0)