Хитойлик миллиардерлар сони рекорд даражада кўпайди – Forbes маълумотларига кўра, 2014 йилнинг октябрида уларнинг сони 242 нафарни ташкил этган бўлса, ҳозирги вақтга келиб 400 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Nur.kz хабар бермоқда.
Хитой фонд бозорлари 2014 йил октябридан бери шиддат билан ўсди ва сўнгги етти йилдаги энг юқори кўрсаткичларни қайд этди. Бундан ташқари, 2014 йилда Хитойнинг ахборот ва юксак технологиялар соҳасидаги компаниялари ўз акцияларини муваффақиятли тарзда бозорга чиқариб (IPO), Forbes’даги хитойлик миллиардерлар сони сезиларли кўпайишига ҳисса қўшди.
Масалан, рўйхатда биринчи ўринни қуёш энегияси соҳасида жаҳоннинг энг катта корхонаси ҳисобланган Hanergy Holding компанияси раҳбари Ли Хеджун эгаллаган. Иккинчи ўринда эса Dalian Wanda Commercial Properties Co. раҳбари Ван Сзянлин жой олган – компания ўз акцияларини бирламчи чиқариш (IPO) ортидан 3,7 миллиард доллар миқдоридаги маблағни жалб этишга муваффақ бўлди.
Кучли учликни Alibaba онлайн-ритейлери асосчиси Жек Ма эгаллаган. Компаниянинг 2014 йилги IPOси тарихдаги рекорд натижани қайд этди – Alibaba 25 миллиард доллар миқдорида маблағни жалб этган бўлса, Жек Ма маълум муддат давомида Хитойнинг энг бадавлат одами мақомини ўзида сақлаб турди.
Умуман Хитой акциялар бозоридаги савдоларнинг фаол босқичи 2014 йилнинг ноябридан – Хитой Халқ банки томонидан монетар сиёсат нисбатан юмшатилганидан сўнг бошланди. Ушбу ўсиш тез орада кўпчиликни қизиқтириб қўйди ва хитойликлар қимматли қоғозлар бозорида савдоларни амалга ошириш учун оммавий равишда брокерлик ҳисобрақамларини очишга киришишди.
Сўнгги вақтларда эълон қилинган ҳисоботларга кўра, ушбу хусусий инвесторларнинг катта қисми ўрта маълумотга ҳам эга эмас, уларнинг аксарияти савдода асосан қарз маблағларидан фойдаланади. Хитой қимматли қоғозлар бозоридаги маржинал савдо ҳажми ақлбовар қилмас кўрсаткичларга етган.
Изоҳ (0)