2014 йили хизмат вазифасини бажариш вақтида жаҳон бўйича 118 нафар журналист ҳалок бўлди, 2015 йилда ҳам ОАВ ходимларининг ҳаёти хавф остида қолмоқда. Бу ҳақда Халқаро журналистлар федерацияси президенти Жим Бумела 13 апрель куни Жанубий Кореяда очилган Халқаро ОАВ конференциясида маълум қилди, дея хабар бермоқда «РИА Новости».
«Бугун сўз нафақат журналистика келажаги ҳақида, балки баъзи мамлакатларда бу соҳа вакилларининг жисмоний жиҳатдан омон қолиш имконияти тўғрисида бормоқда», - деди Бумела. Унинг сўзларига кўра, журналистлар нафақат хизмат вазифасини бажариш вақтида ҳалок бўлишмоқда, аксарият ҳолатларда зўравонларнинг ҳужумлари нишонига айланишмоқда.
«Ҳар йили Халқаро журналистлар федерацияси журналистларга нисбатан рўй берган қотилликларнинг тафсилотларини эълон қилиб боради. Ўтган йили 118 нафар журналист ҳалок бўлди. Биз тафсилотларни ҳам ёзамиз, чунки бу ўлимлар – шунчаки статистика эмас, улар ўз ҳаётини профессионал бурчни бажаришга бағишлаб, бунинг учун ғоят катта ҳақ тўлаган дўстларимиз ва ҳамкасбларимиздир», - дея қайд этди Бумела.
Халқаро журналистлар федерацияси раҳбарининг қайд этишича, журналистларнинг ўлими сони ўсиб бормоқда: 2015 йилнинг дастлабки икки ойининг ўзидаёқ 2014 йилги статистиканинг тўртдан бирича ОАВ вакили ҳалок бўлди. «Журналистларнинг хавфсизлиги масаласи – эркинлик ва демократия ривожланишининг бош масаласидир», - дея қўшимча қилди Бумела.
Изоҳ (0)