Россия Федерацияси таркибидаги Удмуртия Республикасида полицияга Ижевск фуқаросидан ариза келиб тушди, деб ёзади «Вести.ru». Маълум бўлишича, унинг 1999 йилда туғилган қизининг сочини мактаб ўқитувчиси кесиб ташлаган.
Ўқувчининг онаси ўз қизи сўзларига таяниб айтишича, қизлар дарсда шунчаки қиқирлаб кулган, шунда ўқитувчи аёл келиб, жим бўлмаса, сочини кесиб ташлаш билан таҳдид қилган. Қиз бу гапни писанд қилмагач, ўқитувчи шартта унинг сочининг бир қисми қирқиб ташлаган.
Қизнинг синфдошлари айтишича, у ҳақиқатан ҳам дарсда ўқитувчига халақит берган: баланд овозда кулиб, суҳбатлашиб ўтирган. Унга берилган танбеҳдан сўнг ҳам тинчланмаган.
Хабар берилишича, 42 ёшли ўқитувчи аёл ўқувчисининг онасига хат ёзиб, кечирим сўраган. У воқеа содир бўлган куни дарслардан четлатилган, сўнг ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиб, мактабдан кетган. Қиз эса ўша мактабда ўқишини давом эттирмоқда.
Айни пайтда ушбу факт бўйича текширув ишлари олиб борилмоқда, натижаларга кўра, процессуал қарор чиқарилади.
Изоҳ (0)