Apple компанияси Қрим аҳолиси учун App Store интернет-дўконига киришни чеклай бошлади. Бу ҳақда яриморолда яшовчи фойдаланувчилар маълум қилди, деб хабар бермоқда «Tjournal.ru».
29 январь куни Apple қримлик фойдаланувчиларга интернет-дўкондан иловаларни юклаб олиш имконини чеклаб қўйган. Жумладан, бепул дастурларни юклаш ҳам блокланган. Лекин дўконнинг ўзи смартфонда ҳам, компьютерда ҳам очилаётгани айтилган.
Бу муаммога дуч келган фойдаланувчининг сўзларига кўра, App Store телефонга ўрнатилган иловаларни янгилашга ҳам йўл қўймаган. Янгилашга уриниш чоғида АҚШ ва Европа Иттифоқи расмийлари томонидан киритилган санкцияларга биноан харид ушбу минтақа учун ёпиқлиги тўғрисида хабар чиққан.
https://twitter.com/sioburn/status/560648476846202881
Фойдаланувчи ушбу муаммони четлаб ўтишнинг бир неча усулларини топишга ҳам муваффақ бўлган. Жумладан, дўконга АҚШ аккаунтидан кириш ёки Россия аккаунтини Қримдан ташқаридаги ҳудуд сифатида белгилаш орқали хизматлардан фойдаланиш мумкинлиги айтилган.
Қримлик фойдаланувчиларнинг App Store дўконидан узилиши борасида Apple ҳали расмий маълумот бермаган.
Изоҳ (0)