Кейинги беш йил ичида ҳар йили 3,5 миллиард доллар миқдоридаги импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Бу ҳақда 2015 йил 23 январда бўлиб ўтган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида тақдим этилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг яқин муддатга ва узоқ истиқболга мўлжалланган Ҳаракат дастурида маълум қилинган. Дастур «Халқ сўзи» газетасида чоп этилган.
Дастурда айтилишича, жорий йил 16 январда ўтказилган 2014 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2015 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор вазифалари бўйича Вазирлар Маҳкамаси мажлисида Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Абдуғаниевич Каримов томонидан 2015 йилда ва кейинги йилларда мамлакатимизни ҳар томонлама ривожлантиришнинг стратегик вазифалари белгилаб берилди.
Қайд этилишича, саноатни ривожлантириш борасидаги яна бир устувор вазифа − бу ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни янада чуқурлаштириш, тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш ҳисобланади.
Маҳаллий хом ашё ва материалларни чуқур қайта ишлашни таъминлайдиган ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш ҳисобидан импорт ҳажмини оптималлаштириш мақсадида 2015−2019 йилларда тайёр маҳсулотлар, бутловчи буюмлар ва материалларни маҳаллийлаштириш ҳамда ишлаб чиқариш дастури тайёрланмоқда.
Дастур маҳаллий минерал хом ашёни чуқур қайта ишлашни ва талаб юқор бўлган 1225 та маҳсулот турини ишлаб чиқаришни таъминлайдиган 600 та лойиҳани ўз ичига олади. Дастурнинг ижроси ҳар йили 3,5 миллиард доллар миқдоридаги импорт ўрнини босадиган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқариш ва 13 мингдан ортиқ янги иш ўринларини яратиш имконини беради.
Изоҳ (0)